9 Окт 2019

ЧОРВАНИ СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ ТУШУНТИРИЛДИ

ЧОРВАНИ СУНЪИЙ УРУҒЛАНТИРИШНИНГ АФЗАЛЛИКЛАРИ ТУШУНТИРИЛДИ

Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар маркази”да Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши томонидан семинар ташкил этилди.

“Чорвачиликда наслчилик ишларини ривожлантиришдаги устувор вазифалар” мавзусига бағишланган тадбирда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ҳамда қуёнчилик фермер хўжалиги раҳбарлари, ветеринария мутахассислари иштирок этишди. Унда чорва ҳайвонларини сунъий уруғлантириш, наслдор қорамоллар сонини ошириш ва фермер хўжаликларининг қишки мавсумга тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди, фермерларнинг ечимини кутаётган долзарб муаммолари ўрганилди.



Бугунги кунда жойларда чорвани сунъий уруғлантириш ва қишки озуқа экинларини жамғариш бўйича бир қатор самарали ишлар йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, Фарғона вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари ҳамда “Чорванасл” маркази мутахассислари томонидан Қувасой шаҳрининг “Арсиф”, “Валик”, “Қўчқорчи”, “Намуна” маҳаллалари, Қува туманининг Қорақум, Жалаер, Деҳқонобод, Толмозор, Бекат ва Бузахур маҳаллалари хонадонларидаги қорамоллар сунъий уруғлантирилди.

Шаҳардаги ”Қалмиқ зурриёди” қўйчилик фермер хўжалигида 95 бош қўй-эчки, ”Қувасой хосиятли чорвадор” фермер хўжалигида 19 бош қорамол идентификация қилинди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш
Давлат қўмитаси Ахборот хизмати